Ниҳоят май келиб, қипиқ барг юлғунлар гуллагач, мен Оқсувдарё бўйига балиқ овлашга тушдим. Соҳил ёқасидаги ўнгдум-чўнгдум қумлоқ йўлакдан қармоқ тутганча, юриб борарканман, баҳорги қуёш нурлари гоҳ атроф-боргоҳни ёритар, гоҳ оқиш-кулранг булутлар орасига кириб, абрлар соясини дарё ва далалар устига ёпарди. Мен балиқ овлайдиган жой – осма кўприкнинг яқинида бўлиб, бу ерда чуқур камар борлиги учун сув айланиб оқар, оқим нисбатан суст ва ланж бўлгани боис, қармоқ билан балиқ овлашга жуда қулай жой эди. Мен бу ерга етиб келганимда, шамол ҳамон тоққа қараб эсиб турар, бикатоб юлғун гулларини бўйи атрофга таралар, хуллас, севимли машғулотим – балиқ овлаш билан шуғулланишимга дахл қиладиган ҳеч нарса йўқ эди. Зеро, мен бу кунни кўпдан кутган, балиқларнинг урчиши тугаганлигини билдирувчи – яшилтоб юлғунларнинг қизариб гуллашини кўрганимдан сўнг, бу ерга келгандим. Собиқ милиционер Азамат давангирни шу ерда кўриб қолдим. Ёши қирқлардан ўтиб қолган, салқиган қовоқлари осилиб тушган, кўзлари мунгли боқадиган бу одамни - сулахмондай гавдаси учун ҳам давангир деб аташган бўлса ажабмас. У ҳам қармоқ кўтариб балиқ овлашга келган экан. Менга у билан яқиндан гаплашма, яхши одам эмас деб кўп айтишганди. Негаки, ўша одамларнинг гапларига қараганда, у ўз дўстини ўлдиртириб, уни хотинига уйланиб олган экан. Бу гаплар қанчалик рост, ё, ёлғонлигини билмадиму, лекин ҳар ҳолда, унинг ҳозирги хотини Маъсума, Эрйигит деган кишининг хотини бўлганлигини мен ҳам элас-элас эслардим. Эрйигитнинг ўлимигача, Азамат давангир милицияда ишлаган, ҳатто уйланиб ажралишга ҳам улгурган экан. Ўз дўстининг ўлимидан манфаатдор бўлган бу одамнинг ўтмишдаги кирдикорларини билганим боис, мен ҳам бошқалар каби у билан салом-аликдан нарига ўтмасдим. Лекин тақдирнинг тақозосини қаранг-ки, мен у билан балиқ овлашда юзма-юз келиб қолдим. Агар ўша кун тушга яқин ёмғир ёғиб қолмаганда, эҳтимол, мен у билан суҳбатлашмаган бўлардим, эҳтимол, у ҳақда бир умр бошқалар каби ўйлаб юрардим. Лекин шундай бўлиб қолди. Тушга яқин ҳавонинг авзойи бирдан бузилди. Ўзи доимо шамол тоққа қараб эсганда шундай бўлади. Булутлар баланд тоғ қояларига урилиб йиғилиб қолса керак, шамол уларни тоғнинг нарёғига суриб кетолмагач, шу ерда шариллаб қуяверадида. Аввалига битта-битта маржон томчилар тома бошлади, сўнг, тўсатдан шунақанги шаррос қуйди-ки, икаламиз ҳам қочиб яширинишга жой тополмай қолдик. Қишлоққа – уйга қараб қочамиз десак, ивиб қолишимиз тайин эди, шу сабаб, соҳил ёқасидаги осмон кўприкнинг тагида, бир ярим метр энликдаги ёмғир тушмайдиган жойга беркинишдан бошқа иложимиз қолмади. Ён-атрофимиздан шиддат билан ураётган ёмғирга қармоғимни тутганча, тикилиб турарканман, унинг ўзи менга гапириб қолди: «-Шу атрофда чайла-пайла қуриб қўйиш керак экан-да,»-деди у бир ёмғир ва бир менга қараб. «-Қуруқ ўтин келтириб қўйилса, ўчоқ ёқиб, бемалол ёмғир маҳаллар балиқ шўрва қилиб ичса бўлади.» «-Ҳа, шундай қилиб бир савоб қилинг,»-дедим мен, у билан гаплашишга тобим йўқлигини билдириш учун атайин кесатиб. У эса, менинг гап оҳангимга мутлоқо эътибор бермаган ҳолда: «-Қилсак қилаверамизда, шу ҳам ишми ука,»-деди у хиёл кулимсираб ёмғирга боқаркан. Менинг у билан гаплашишга ортиқ хоҳишим йўқ эди. Шунинг учун гапни қисқа қилиш мақсадида: «-Ҳа, одам ўлдиртириб, бировнинг хотинига уйланиб олишдан кўра бу осон,»-дедим. Азамат давангирга ана шунда ҳаммаси етиб борди. Шунда, унинг кулимсираган рафтори, қўққисдан афтода сўлиш олиб, менга бир қарадида, сўнг жим бўлиб қолди. Унинг ичида нималар кечганини билмадиму, лекин ранги-рўйини қаримсиқ бир кўринишда ўзгарганлигини кўз қирим билан кўриб турардим. У менинг юракка ботадиган сўзларим таъсириданми, ё бошқа сабабга кўрами, билмадим, нималарнидир паришонхотир ўйлаб, пешонасини тириштирганча, ёмғирга жимгина тикилиб турарди. Ҳавонинг авзойи айнигандан айнирди. Ёмғир Оқсувдарё бўйидаги далалар, унинг нариги қирғоғидаги ўрмон устига шунақанги шиддат билан ёғар, бунга устма-уст равишда, яшин қиличи булутлар баданига сермаланар, юракларни ваҳимага солиб момақалдироқ гумбурларди. Биз бир-биримизга гапирмаган куйи ёмғирни тинишини кутиб турардик. Бир маҳал у кўприкнинг тагидан чиқиб, қирғоқ бўйида қолган челакдаги балиқларини олишга тутинди. Негаки, ёмғир челакни сув билан тўлдирган, у тутган балиқлар челакдан ошиб дарёга шўнғиши мумкин эди. У ёмғир билан тўлган челак сувини бироз қирғоққа тўкаркан: «-Балиқларингни олиб борайми ука?»-деди. Мен унга ҳаддан ташқари қўполлик қилганимдан уялиб: «-Майли, ҳоҳишингиз,»-дедим бироз хижолат бўлиб. Азамат давангир бир қўлида ўзининг челаги, иккинчи қўлида, қирғоқ бўйидаги тош остига бостириб қўйилган чизимчадаги менинг балиқларимни кўтарганча, халлослаб югуриб келаркан: «-Кўп балиқ тутибсан-ку?!»-деди у, чизимчадаги йигирмага яқин балиқни менга тутқазаркан. «-Балиқчи бўлганимиздан сўнг, яхши балиқ тутамиз-да,»-дедим мен. Сўнг, чизимчада типирчилаб, оғзини каппа-каппа очаётган балиқларга раҳмим келдида: «-Буларни челагинггизга солиб қўйсам майлими?»-деб ундан сўрадим. «-Бемалол ука,»-деди у. Шундагина менинг унинг челагида бор-йўғи еттитагина балиғи борлигига кўзим тушди. «-Кам-ку?!»-дедим мен балиқларга ишора қилиб. «-Янгангизга яраша бўладида,»-деди у бироз хижолат бўлиб. Менинг тушунмовчанлик акс этган нигоҳимга боқаркан яна изоҳ берди: «-Хотиним саротон хасталигига учраган, балиқ тутишга шунинг учун келгандим.» «-Худо, шифосини берсин,»-дедим мен унга чин юракдан ачиниб. «-Тез-тез балиқ истеъмол қилиб турганлар саротонга чалинмас экан, теливизордан чиққан дўхтирлар шундай деганини эшитгандим. Энди кеч бўлса ҳам, хотиним Маъсумага тез-тез балиқ олиб бораяпман. Агар уни саратонга учрашини илгарироқ билганимда эди, аллақачон сенга ўхшаб балиқчи бўлган бўлардим.» «-Хотинингиз касалхонадами?»-дедим мен унга раҳмим келиб. «-Йўқ, уйда,»-деди у ёмғирга маъносиз тикилиб тураркан. «-Врачлар фойдаси йўқ дейишди, яна олти ойлар яшар экан.» «-Боя айтган гапларим учун мени кечиринг,»-дедим мен, унинг кўнглини оғритганимни билиб. «-Мен сизни бошқача ўйлаб юрар эканман.» «-Сен тўғри ўйлагансан,»-деди у «-Эрйигитнинг ўлимига мен айбдорман, ўзимни оқламоқчи эмасман.» «-Уни қандай қилиб ўлдиртиргансиз?»-деб сўрадим мен. Азамат давангир: «-Мен ўлдиртирмаганман, лекин менинг хатойим туфайли у ўлган,»-деди. Мен бу воқеани унинг ўз оғзидан эшитиш учун: «-Ахир, қандай қилиб?»-дедим. «-Эрйигит билан биз қалин дўст эдик. Институтда ҳам бирга ўқиганмиз. Мен ҳарбий кафедрада ўқиганим боис, милиция бўлишга қарор қилгандим. У эса, бухалтер бўлмоқчи эди. Ўша йиллари икаламизнинг ҳам орзуларимиз катта эди. Мен ота-онамнинг хоҳишига кўра, талабалик давримдаёқ уйландим. Не орзу-умидлар билан уйландиму, лекин бошим эгилиб қолди. Турмуш ўртоғим қиз бола бўлиб чиқмади. Йигит киши учун орият ўлимдан қаттиқ. Мен катта жанжаллар билан ажрашдим. Келин томон билан бўлган бу жанжалларни отамнинг юраги кўтаролмади. У илгари ҳам икки маротаба инфаркни бошидан ўтказган эди. Хуллас ўша жанжаллар отамнинг қазоси билан тугади. Менинг ҳаётдаги умидларим сўла бошлади. Яхшиям, ёнимда онам, икки укам ва дўстим Эрйигит бор эди. Ҳаётнинг бу чиркин ғавғоларидан мени улар суяб қолишди. Ўқишни тугатаётган йилимизда мен молиявий томондан жуда ҳам қийналиб қолдим. Отамнинг ўлими сабаб, энди уйдан пул келиш тўхтаб қолганди. Шунда дўстим Эрйигит менга кор келди. У уйидан келган пулларини бир қисмини менга берар, олмаганимга қўймас, Азамат, сизга текинга пул бераётганим йўқ, милицияга ишга кирганингиздан сўнг, менга ортиғи билан ҳаммасини қайтарасиз дерди. Мен шундан кейингина баъзур пулларни олардим. Баъзан у мени севгилиси билан кафеларга меҳмонга таклиф қиларди. Мен Маъсумани назарда тутаяпман. У пайтлар мен, унга уйланишим ҳақида мутлоқо ўйламаганман. Лекин мен унинг жуда ҳам келишган қиз эканлигини кўрардим. Оқ юзли, қош-кўзлари қоп-қора, сочларини майда ўриб юрадиган кулгичлари ўзига ярашган бу қизни кўриб, дўстим Эрйигитнинг бахтига ич-ичимдан ҳавас қилардим. Мен улар билан кафеларга, паркларга ва ҳатто ботаника боғларига ҳам кўп бора боргандим. Эрйигит унинг елкасидан қучиб олар ва мен билан ҳаёт ҳақида гаплашарди. Маъсума ҳам мени Эрйигитдан кейинги энг яқин одамидек қабул қиларди. Эрйигит унга мен ҳақимда кўп нарсалар айтиб берганидан, Маъсума менга ҳамма вақт оптимист бўлишга чақирарди. Сиз кучли бўлинг, бу синовларни албатта енгиб ўтасиз дерди у. Ўша йиллари мен бир илож қилиб Маъсума айтгандек кучли бўлишга ҳаракат қилдим шекилли, талабаликни эсон-омон битқазиб олишга муяссар бўлдим. Қишлоққа қайтгач, оилада тўнғич ўғил сифатида, энди онам ва укаларимшга ғамхўрлик қилишим лозим эди. Мен аввалдан орзу қилиб юрганимдек, милицияга ишга кирдим. Тез орада ҳаётимиздаги ҳамма нарса, яхшилик тарафга ўзгара бошлади. Менинг катта лейтенант унвоним бор эди, шунинг учун милицияда менга яхшигина маош тўлашарди. Оиламизда энди молиявий муаммолар барҳам топган, ҳаёт ўз изига тушганди. Ўша йили дўстим Эрйигит ва Маъсуманинг тўйи бўлди. Маъсуманинг ота-онаси Тошкент яқинидаги Янгийўл туманида яшаркан. Улар Китоб узоқ, у ерга қиз бермаймиз дейишибди. Маъсума Эрйигитни қаттиқ севганидан, у билан кетишга қарор қилади. Эрйигитнинг ота-онаси ҳам обру-эътиборли одамлар эмасми, бир томондан Маъсуманинг ота-онасидан, иккинчи томондан ўғли Эрйигитнинг қилмишидан қаттиқ ғазабланади. Эрйигитнинг ота-онаси Маъсумани тўй қилмасдан уйга киритишга розилик билдирмайди. Ҳатто Эрйигитни отаси қаттиқ дўппослайди. Кўзлари кўкарган, лаблари ёрилган Эрйигит Маъсумани эргаштириб яширинча, бизникига келади. Мен дўстим Эрйигит ва Маъсумани онамнинг қаршилигига қарамай, ҳаммаси жойига тушгунча, бемалол ўз уйларидек, яшаб туришларига рухсат бердим. Уларнинг севинганини кўрсанг эди. Милицияда ишлаб жамғариб қўйган пулларимдан, талабалик давримда Эрйигитдан олган қарзларимни қайтариб бердим. У эсимдан ҳам чиқариб юборганман керакмас, деди. Мен яхшиликни билмайдиган одам эмасман, сизларга бу пуллар ҳозир керак, дедим. Шундан сўнг, у пулларни индамай олдида, Маъсуманинг қўлига тутқазди, ҳатто ҳазиллашиб, бу мени севганинг учун, сенга биринчи мукофотим, деди. Мен уларнинг бир-бирларига нисбатан, шундай буюк севгисини кўриб турардим. Севги фақат романлару киноларда эмас, ҳаётда ҳам борлигини мен илк бор ўшанда кўргандим. Бу севги қаршисида уларнинг ота-оналарининг иродаси барибир юмшади. Айниқса, Эрйигитнинг отаси, орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас, ўғлини кўриб: «-Майли, тақдир экан ўғлим, тўй қилиб берганим бўлсин,»-дебди. Тўй куни белгилангач, дўстим Эрйигитнинг таклифига кўра, мен Маъсумаларнинг ота-онасини тўйга айтишга бордим. Янгийўл тумани Эски қовунчи маҳалласининг Гулистон кўчасидаги Маъсумаларнинг уйини бир балолар қилиб излаб топдим. Мен қизни ота-онасини тўйга айтгани келганимни айтдим. Шунда унинг отаси гулдек қизини олиб қочиб кетган Эрйигитни, мен деб фараз қилди шекилли, оғзидан боди кириб-шоди чиққанча, бўралаб сўкиниб, менга ваҳший ҳайвон каби ташланди. Мен ўзимни ундан ҳимоя қиларканман, мен Эрйигит эмаслигимни, шунчаки унинг тўй таклифини етказиб қўйиш учун бу ерга келганимни айтдим. Лекин бу ваҳший ота, мени тушунишни ҳам истамас, оёқ ва қўллари билан мени аямасдан тўғри келган жойимга тепар ва урар, Эрйигитнинг отаси уни қандай юз-кўзларини кўкартиргани ва лабларини ёргани каби, мени шундай дўппослаб, кийимларимни далва-далва қилганча, дарвозасидан кўчага улоқтирди. Мен номус билан ўйнашишнинг аччиқ қисматини шунда тотиб кўрдим. Емаган сомсага пул тўлаганимдан қанчалар аччиғланмай, лекин дўстимнинг тўй таклифномасини уларнинг дарвозахонасига қолдирганимдан кўнглим таскин топиб, бу ердан тўғри уйга жўнадим. Онам ва укаларим мени ҳолатимни кўриб қўрқиб кетишди. Мен безорилар билан уришиб қолганимни, менга бало ҳам урмаслигини айтиб уларни юпатдим. Лекин Маъсума ва Эрйигит буни дарҳол пайқашди. Улар мендан бот-бот кечирим сўрашар, айниқса, Маъсуманинг менга оғирчиликлар туғдиришганидан кўзида ёш ҳалқаланарди. Милициядаги касбдошларим ҳам, менга нима бўлганлигини тез-тез сўрашарди. Бу сўровларнинг ҳар бирига алоҳида жавоб беришдан қутилиш учун, мен шифохонага бориб, вақтинчалик даволаниш учун касаллик варақаси очдириб қўйдим. Бошлиқлар ҳам, менинг лабларим ва қовоқларимни ёрилганини, кўзларимни гупдай шишиб, кўкариб кетганлигини кўриб, юзингиз сал одамбашара бўлмагунча, уйда дам олиб туринг, бу афт-ангорингиз формадаги одамга ярашмайди, деди. Мен уларга аслида нима бўлганлигини айтиб берган эдим. Шунинг учун касаллик варақаси очдириб, уйда бироз муддат юришимга улар монеликсиз рухсат беришди. Бу орада Эрйигитнинг ҳам тўйи бўлиб ўтди. Тўйнинг барча харажатларини Эрйигитнинг отаси ўз бўйнига олди. Маъсумаларнинг уйидан тўй куни онаси ва яна аллақандай аёллар келишди. Қизиғи улар томондан тўйга бирон-бир эркак кишини биз кўрмадик. Номус қиличдан кескир, уят ўлимдан қаттиқ бўларкан. Айниқса, Маъсуманинг ўжар отасидай одам учун, қизининг юзига бу тахлит оёқ қўйиши, икки дунёда ҳам кечириб бўлмайдиган ҳолат эди. Мен буни тўй куни Маъсуманинг онасини кўзларида ёш халқаланганидан, қизини қучоқлаб табрикларкан, ўлмагин қизим, бизларни шунчалик куйдирасанми, деганидан сездим. Эрйигит мени ҳар қанча, куёв жўра бўлишга кўндирмасин, мен унинг таклифини қатъий рад этган, бу юз-кўз билан куёв жўра бўлолмайман, деб айтдим. Шунинг учун бизнинг бошқа дўстимиз Эрйигитнинг ёнида куёв жўра бўлиб ўтирар, мен эса, унинг бошқа дўстлари қаторида, келин ва куёвга ҳавасим келиб кузатиб турар ва шунинг билан биргаликда уларнинг ота-онасига ачинардим. Мен бутун тўй мобайнида Маъсума ва Эрйигитнинг оналарини қиёфасига, уларнинг ички туғёний изтиробларига, Эрйигит отасининг ҳатти-ҳаракатларига боқиб, шахрисабз ароғидан закускасиз аччиқ-аччиқ кўтарардим. Мен дўстим Эрйигит учун жуда-жуда бахтли эдим. Ахир у, ўз севганига, ўзининг жондан ортиқ кўрган муҳаббатига эришганди. Шахрисабз ароғини пойма-пой кўтарарканман, муҳаббатга эришиш тотининг сурури қанчалар лазиз эканлигини дўстим Эрйигитнинг юз-кўзларига қараб кўриб турардим. Ўша кун шунчалик кўп ичибманки, тўйнинг охири қандай ўтганлигини, мени уйга ким олиб келиб ташлаганлигини, эрталаб мутлоқо хотирлай олмайдиган даражада уйғонгандим. Доимий ароқ ичиб юрмаганим учунми, эртаси кун бўйи кўнглим айниб юрди. Ўша куни тушдан сўнг, Эрйигит уйимизга келди. Мен уни уйга таклиф қилдим. У: «-Йўқ, кирмайман, йўл-йўлакай бир кўриб кетай дегандим,»-деди. «-Эртага, Маъсума билан асал ойини ўтказиш учун Сўқори тоғларига кетамиз, у ер, Мироқи меҳмонхонасига яқин экан. Меҳмонхонада яшаймиз, кундузлари эса, тоғларни айланамиз, ҳаётни бир шавқини сурайлик.» Мен унга ва Маъсумага омад тиладим. Биз ҳар доимгидек, қучоқлашиб хайрлашдик. Ҳақиқатан ҳам мен эртаси куни уни асал ойини ўтказиш учун жўнаб кетганлигини эшитдим. Шундан сўнг ўша ерда илк фожеа юз берган,»-деди Азамат давангир челакда сузиб юрган балиқларига бир назар ташлаб қўяркан. Мен нима бўлганлигини ундан сўрадим. У аста-секин тинаётган ёмғирга боққанча жим бўлиб қолди. Мен: «-Нима бўлган, илтимос, айтинг?»-деб ундан қайта сўрадим. У менга қараб тураркан: «-Сенга бу ҳақда бекор гапирдим, мени кечир, менинг бу ҳақда бамайлихотир гапиришим қийин,»-деди. Мен: «-Илтимос, айтинг, буни ҳеч кимга айтмасликка сўз бераман,»-дедим. Азамат давангир менга ишондими, ё, шу ёғигача, унга гапирдим, энди бу ёғини ҳам айтсам, айтибманда, деб ўйладими билмадим, менга бироз дудмал ва оғриқли изтироб билан ҳикоясини давом эттира бошлади. Мен буни соҳил бўйида жойлашган кўприк остидаги, ҳазин юз-кўзларидан кўриб турардим. «-Бу менинг номусим билан боғлиқ бўлгани учун, уни сенга бир шарт билан айтаётганлигимни сен тушунишинг керак. Мен, ўзим ҳақимдаги кўплаб тутуриқсиз буҳтонларни эшитганим учун, асл ҳақиқатни биладиган битта бўлса ҳам одам бўлишлигини истайман. Янгангиз Маъсуманинг умри жуда оз қолди. У ҳақида, у ўтгандан кейин ва умуман мен ўтгандан сўнг, улар яхши одамлар эди, деб биладиган битта бўлса ҳам, одам бўлишлигини мен истайман. Ўша одам сиз бўласиз,»-у менга шундай ишонч билдириб кўзларимга қаради. Мен Азамат давангирнинг ўйчан кўзларининг ўзимга тикилиб туришига жавобан: «-Ишончингизни оқлаш учун сўз бераман,»-дедим. Сўнг, Эрйигит ва Маъсуманинг тақдирида қандай фожеа юз берганлигини билиш учун, унга жимгина тикилиб турдим. Азамат давангир оқ оралаб қолган сочларини аста қаширкан, бундан йигирма йиллар олдин бўлиб ўтган воқеани хаёлида жонлантирганча, менга айтиб берарди: «-Эрйигит ва Маъсума, Мироқи меҳмонхонасига жойлашиб олгач, ўзи айтгандек, Сўқори тоғларига боришади. Бир-бирларини жондан ортиқ кўрадиган ёшлар эмасми, тоғларнинг ичкари-ичкари дараларига кириб кетишади. Асал ойининг бутун вақти чоғликларини суришади. Уларни ўша ерларда юрган наша экувчилар кўриб қолишади. Ҳукумат томонидан таъқиқланган бундай гиёҳларни ана шундай ҳеч ким бормайдиган жойларга экишаркан. Улар Эрйигитдан уч-тўрт чандон кучли тўрт барзанги йигит бўлиб, бу барзангилар Маъсумани айшу-ишрат қилиш учун бу ерларга олиб келинган фоҳиша қиз деб ўйлабди. Ҳатто Эрйигитга, қиз билан нафсларини қондириш учун пул ҳам тўламоқчи бўлишибди. Табиийки, Эрйигит уларга Маъсумани ўз хотини эканлигини, асал ойини ўтказиш бу ерларга келганлигини, агар уларга фоҳиша керак бўлса, омадларини бошқа жойда синаб кўришларини айтган. Ана шундан кейин барзангилар унга ташланишган. Эрйигит бир ўзи, тенгсиз бўлган бу жангда улар билан уришаркан, Маъсумага меҳмонхонага қараб қочиши кераклигини айтишга улгуради. Барзангилар барвакайига унга ҳамла қилганча, Эрйигитнинг оёқ-қўлларидан чилвирлар билан маҳкам боғлаб ташлашган. Маъсума меҳмонхонагача қочиб улгуролмаган. Чунки улар меҳмонхонадан ўн уч километрга узоқлашиб кетишган экан. Барзангилар Маъсумага етиб олишиб, Эрйигитга аталганларининг ҳаммасини ундан олишади. Қиз бечоранинг қўлидан дод солишдан бошқа нима ҳам келарди. Эрйигит эса, Маъсуманинг додларига жавобан, чилвирланган ҳолида қаҳр-ғазаб билан қичқирар, барзангиларни оғизда онасини палон-пистон қиларди. Барзангилар қиз билан ўзлари истаган ҳосилага эришгач, унинг далва-далва қилиб ташланган, кийим-бошлари устида ёлғиз ва руҳафзо ҳолда, яланғоч қолдирганча, бу ерлардан жуфтакни ростлашади. Маъсуманинг ўзи мана шундай кўринишда, мана шундай бир телбавор алфозда эрини – Эрйигитни чилвирлардан бўшатади. Ўша куни улар бир-бирлари билан умуман гаплашмаганча, меҳмонхонага жимгина кириб келишадида, ўзлари билан олиб келган бутун юк-халталарини кўтарганча, уйга қайтиб келишади. Уларнинг ўша пайтдаги ҳолатларини кўрганларнинг айтишича, Маъсума йўлма-йўл из-из йиғлаб келибди. Эрйигит, тушкун бир ҳолатда унинг елкасидан қучганча, уйига хотинини қолдирибдида, тўғри меникига келибди. Ўша куни мен уйда йўқ эдим, Китоб теннис кортида Президент кубоги доирасида ўтказилаётган мусобоқани кўриш учун кетгандим. Кечга уйга келганимда, онам Эрйигит келиб кетганини айтди. Ҳеч қаёққа кетиб қолмасин, кечга келаман,дебди. Онамнинг айтишича, бола фақирнинг рангида ранг қолмаган эмиш, сираям олдинги Эрйигитга ўхшамасмиш, кўзлари ботинқираган, тушкун бир алфозда эмиш. Мен ҳайрон бўлиб уни кутиб ўтирдим. Шом қоронғуси далалар устига ёприлганда, унинг дарвозамизга келиб чақирганини эшитдим. «-Кир уйга, гаплашиб ўтирамиз,»-дедим. «-Йўқ, кетаман, қоронғуда янги куёвларга юриш мумкинмаслигини билмайсанми?»-деди у. Мен: «-Унда нега бундай пайт юрибсан?»-дедим. «-Бир иш чиқиб қолди, ёрдам бера оласанми?»-деди у. «-Сен учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилишга тайёрман,»-дедим мен. «-Менга милтиқ керак,»-деди у. Мен шундай пайт унга милтиқ нима учун кераклигини билолмай ҳайрон бўлдим. У пайтлар мен ҳали Эрйигит ва Маъсуманинг тақдирида нималар рўй берганлигини билмас эдим. Лекин шундай бўлсада, кўнглим бир нималарни сезаётганди. Шунинг учун унга: «-Милтиқни нима қиласан,»-дедим. Эрйигит гўёки ҳеч нарсани билдиргиси келмасдан: «-Ахир тоғда юрибмиз, шоқоллар бор экан, ўшаларни отмоқчиман,»-деди. «-Менга ов милтиғи йўқ-ку,»-дедим унга. «-Ахир сен милицияда ишлайсан, бошқа бир қуролинг бордир,»-деди. «-Менда фақат макаров тўппончаси бор,»-дедим мен. «-Шуни бериб тур,»-деди у. «-Ахир уч-тўрт кундан сўнг ишга чиқаман, агар қуролим ёнимда йўқлигини бошлиқлар билиб қолса, мени жазолашади.» «-Қўрқма, унгача мен шоқолларни отиб, сенга уни қайтариб бераман,»-деди. Мен нима қилишимни билмасдан, ахийри, Эрйигитга тўппончамни олиб чиқиб бердим. У : «-Рахмат, рахмат дўстим, бу яхшилигингни ҳеч қачон унутмайман,»-деди. Биз қучоқлашиб хайрлашарканмиз, мен: «-Маъсумага салом айт,»-дедим. Эрйигит кетар экан: «-Олдин Сўқоридаги шоқолларни отиб олай, Маъсумага саломингни кейин етказаман,»-деди. Мен унинг ортидан ажабсиниб қараб қоларканман, ҳазил қилаяпди деб ўйлабман. Шу лаҳза онамнинг гаплари хаёлимда жонланди. Сира ҳам илгариги Эрйигитга ўхшамайди. Лекин мен атроф қоронғу бўлганлиги боис, унинг рангидан-ранг қолмаганлигини-ю, кўзлари ботинқираган тушкун алфоздалигини кўра олмадим. Кейинчалик менга гапириб беришларича, у тўғри ярим тунда макаров тўппончасини чўнтагига солганча, Сўқори тоғларига жўнабди. Кетиш олдидан уйга бурровга кираркан, Маъсумага, мен қайтиб келгунча бўлган воқеа тўғрисида ҳеч кимга чурқ этиб оғиз очма деб тайинлабди. Айниқса, ота-онам ва дўстим Азамат ҳеч нарса билмаслиги керак, дебди. У шундай деб тоғларга якка-ю ёлғиз ўзи жўнаб кетган. Эрйигитнинг ота-онаси Маъсумадан, асал ойидан нега бунча, вақтли қайтиб келдиларинг деб сўраганда, қиз, Эрйигит ўргатганидек, буни Эрйигит акамнинг ўзи биладилар, дебди. Эрйигитнинг ҳам қайга кетганлиги ҳақида қиздан бирон-бир маълумот олишолмабди. Уни икки кун давомида ҳеч ким, ҳеч қаерда кўрмабди. Мен ишга чиқишим керак бўлганлиги учун тўппончамни Эрйигитдан олиш мақсадида, Мироқи меҳмонхонасига бориб, Маъсума ва Эрйигит ҳақида суриштирдим. Меҳмонхона ходимлари уларни бу ердан кетганлигига уч кун бўлганлигини айтди. Ана шундан кейин мен эртасига уларнинг уйларига бордим. Эрйигитнинг отаси ва онаси Шахрисабз бозоридан бозорлик қилиш учун эрта тонг билан машинага ўтириб жўнаб кетишган экан. Уйда Маъсуманинг ёлғиз ўзи бўлиб, у Эрйигитнинг ҳеч кимга айтмаслик шарти билан қаёққадир кетганлигини менга айтди. Айтди-ю, юраклари тўлиб йиғлаб юборди. Мен ундан нима бўлганлигини ҳарчанд сўрамай, у айтмади, кўзларидан шашқатор ёшларни оқириб йиғлаганча, айвондан ичкари уйга кириб кетди. Мен ўзимни ортиқ бу ерда қолишга ҳеч қандай сабаб топа олмаганимдан сўнг, Эрйигитнинг тахминан Сўқори тоғларига кетган бўлса керак деб ўйладимда, балки, эрта-индин келиб қолар деган ниятда, ҳеч нарсани тушунмаган куйи уйга қайтдим. Нега асал ойи бунчалар эрта тугаган?.. Нега Маъсума бундай тўлиб йиғлайди? Нега Эрйигит севгилиси Маъсумани бундай қон йиғлатиб, шоқол овига ёлғиз ўзи кетади? Шоқол овига боришга Маъсума нима халақит қиларкан, мен шулар ҳақида ўйлардим. Хайрият, эртасига шом қоронғусида, мен Эрйигитни яна дарвозамизга келиб чақирган таниш овозини эшитдим. У менга тўппончани қайтариб бераркан: «-Энди, бизнинг тоғларда шоқоллар изғимайди дўстим,»-деди. У қайдадир бироз ичиб олган, вақти анча чоғ эди. «-Сенга нима бўлаяпди ўзи Эрйигит?..»-дедим мен унинг ғалати алфоздалигини кўриб. У саволимга ҳеч нарса деб жавоб бермади. «-Хайрлашайлик, мен кетаман дўстим,»-деди. «-Бутунлайга кетаман, сен агар хоҳишинг бўлса, мен кетганимдан кейин Маъсумани асра,»-у айнан менга шундай деди. Мен унинг бундай алжирашларини илгари ҳеч қачон эшитмаганим учун: «-Эрйигит, сенга нима бўлди дўстим,»-деб уни силкиладим. «-Кўп ароқ ичибсан, нима Маъсума билан чиқиша олмай қолдиларингми?..» «-Ҳа, чиқишолмай қолдик,»-деди у. Унинг ҳозир маст эканлигини кўриб: «-Эртага уйингга ўтаман, ўша ерда бафуржа гаплашамиз,»-дедим. Биз у билан қучоқлашиб хайрлашдик. Бу бизнинг сўнги хайрлашувимиз эканлигини ўшанда мен ҳали билмасдим. Мен уни фақат, эртасига билдим. Менга айтиб беришларича, менинг тўппончамни олганидан кейин, Эрйигит, наша экилган тоғлар бориб, барзангиларни излабди. Уларнинг нашаларига ўт қўйиб юборибди. Наша экувчи барзанги йигитларни у фақат икки кундан кейингина кўрибди. Улар Эрйигитни кўриб, эй-е, ҳалиги йигитча-ку, жононинг қани, бизни соғиниб қолгандир, дебди. Шунда у тўппончасини чиқариб, уларга қарата кетма-кет ўқ узаверибди-ўқ узаверибди. Тўрталасининг ҳам бадани илма-тешик қилиб ташланганди. У барзангиларга бу ҳам кам деб ҳисоблаган шекилли, уларнинг бутининг орасидаги даббаларини кесиб ташлабди. Биз милиция ходимлари уларни ана шундай кўйда топган эдик. Бу ишларни амалга оширган Эрйигит, ҳеч нарсадан хавотирланмаган ҳолда, Мироқи меҳмонхонасига келади. То қош-қорайгунча, вақти-вақти билан меҳмонхона ходимларига ароқ ва аччиқроқ закуска келтириб туришни буюриб туради. Ҳатто бир меҳмонхона ходимига, ҳаёт, ароқдан аччиқ деган ғалати афоризм айтган эмиш. Атрофга шом қоронғуси ёйилгач, у тўғри меникига тўппончамни қайтариб беришга келган. Сўнг уйга бориб, ота-онаси билан кўришган, уларга яхши ётиб туришларини тилаганда, Маъсуманинг хонасига борган. Унга, энди бирга яшолмаймиз, деб айтган. Мен сен билан бутунлайга ажрашаман, истасанг, дўстим Азаматга тегишинг мумкин, деган. Маъсума ўша пайтларда унинг бу гапларини умуман ҳазм қилолмаган. Эрйигитнинг Маъсумага айтишига қараганда, мен хотин қўйиб, ажрашган одам эканман, шунинг учун ўзини билган қиз менга тегмас эмиш. Шунинг учун мен Маъсумани жон-жон деб олармишман, дўстим деб юрган одамимни айтган гапларини қара-я! Шунчаликка борибди-я, лекин бу гапларни мен ўша пайтлар эшитмаган эдим. Хуллас, ўша тун, у Маъсуманинг олдидан, мен нариги хонада ухлайман, деган баҳона билан чиқиб кетади. Маъсума, эрининг гарчанд, мастлигида айтган гапларини билса-да, барибир чидай олмайди. Кечаси билан из-из йиғлаб чиқади. Эрйигит эса, ҳақиқий эр йигит эмасми, номусга чидай олмаган. Эрталаб унинг отаси азонги намозни ўқиш учун таҳорат олгани турганида, ўғли Эрйигитнинг ҳовлидаги ёнғоқ дарахти шохига ўзини осиб қўйганлигини кўрган. Ана шундан кейин биз, эрталабки йиғи фарёдларини эшитиб ўрнимиздан уйғондик. Эрйигит ўзини осиб қўйганмиш деган нохуш, ғамбода хабарлардан этларимиз жунжикиб кетди. Таъзия кунлари белимизни боғлаб, дўстимнинг маракаларини ўтказарканмиз, милициядан менга рация орқали хабар келиб, ишхонага зудлик билан етиб келишим сўралди. Мен етиб борганимда, Сўқори тоғларида тўртта одамни отиб, ваҳшиёна тарзда ўлдириб кетилганлиги хабарини эшитдим. Наркомафия компанияси ҳақида тергов ишлари кетаётган маҳал, менинг юрагим пўккиллаб юрарди. Мен уларни наҳотки, Эрйигит ўлдирган бўлса-я, деб ич-ичимдан эзилиб юрардим. Наҳотки, у айтган шоқоллар, ўша одамлар бўлса?.. Негаки, қидирув тергов ишлари, у одамларни макаров тўппончасидан отилганлигини кўрсатарди. Бошлиғимиз ҳар эҳтимолга қарши, биз милиция ходимларининг ҳаммамизга санаб берилган, ўқ-дориларни олиб келиб текширтириб кетишимизни талаб қилди. Ана шунда мен энди ҳаммаси тамом, уларни Эрйигит ўлдиргану, унга макоров тўппончасини бериб турганим учун тўғри Бекободдаги милиция ходимлари ётадиган турмага равона бўлсам керак, деб ўйлай бошладим. Менинг ўқ-дориларимнинг камлиги аниқ эди. Бахтимга мендан бошқаларнинг ҳам айримларида ўқ-дорилар кам бўлиб чиқди. Ана шунда биздан ўқ-дориларнинг нимага камлигини сабабини изоҳлаб беришларини сўрашди. Ҳамма ҳар хил баҳоналар айтар, мендан бошқа уларнинг ҳаммасини баҳонаси рост эди. Мен ўқ-дориларимни Оқсувдарёга чўмилишга келиб тушириб юборганлигимни айтдим. Милиция ходимларига хос бўлмаган бу каби ҳатти-ҳаракатларим учун, мени ҳам ўқ-дориларини йўқотган бошқа милиция ходимлари каби ишдан озод этишди. Ана шундай кунларнинг бирида менинг уйимга Маъсума кириб келди. Эрйигитнинг ота-онаси, Маъсумани ўғлига бахтсизлик келтирган шўртумшуқ келин сифатида, Эрйигитнинг еттисини ўтказишлари билан уни уйдан қувиб солишибди. У энди қайга бораман деб ўксиб-ўксиб йиғларди. Ота-онамни рози қилмаганимнинг қарғиши урди, дерди. Шунда у менга Эрйигит билан ўрталарида бўлиб ўтган ҳамма нарсани айтиб берди. Барзангиларнинг номусини топтаганларини, Эрйигитнинг мен ҳақимда айтган тутуруқсиз гапларини, ҳамма-ҳаммасини қолдирмай айтиб берди. Мен ҳам унга Эрйигитга макаров тўппончасини мен тутқазганлигимни рўй-рост айтдим. Кейин мен бир қарорга келгунимча, онамнинг қаршилигига қарамай, у бизникига бир ҳафталар мобайнида яшаб турди. Бир ҳафтадан сўнг, унинг бизникида яшаётгани бутун қишлоққа тарқалди. Ана ўшанда, менинг милициядан ҳайдалишимнинг сабаблари ҳақида турли миш-мишлар болалай бошлади. Улар кўра, Эрйигитни ўлдиришга мен буюртма берган эмишман, шунинг учун ҳам мени милициядан итдек ҳайдашган эмиш, яна мен Маъсумага уйланишни кўзлаётган эмишман, Худо раҳматли Эрйигитнинг кўзига чўп суқиб, мен азалдан Маъсума билан ўйнаш бўлиб юрар эмишман. О, бу миш-мишлар шунчалик кўп эдики, уларни эшитиб, мен ўзим ҳақимга илгари билмаган кўп ғаройиб хислатларим ҳақида янгиликларни билиб олардим. Лекин онам ва укаларим, бу миш-мишларга ортиқ чидай олмасликларини билдиришгач, мен Маъсумани Янгийўлга ота-онасининг уйига олиб бордим. Отаси мени яна Эрйигит деб гумонлаб, ваҳший ҳайвон каби энди ташланмоқчи бўлиб турган эди, унинг онаси ўртага тушиб, мени умуман бошқа бир йигит эканлигимни айтди. Қизларини изиллаб йиғлаётганлигини кўриб, бўлган воқеаларни менинг оғзимдан эшитишаркан, ҳангу-манг бўлиб қолишган, сал бўлмаса, онаси қизлари Маъсумани кечиришга ҳам тайёр эди. Лекин отасининг қаҳри юмшамади, у ҳақиқатан ҳам ваҳший ҳайвон эди: «-Йўқол уйимдан ва бошқа қайтиб келма,»-деди у. «-Менинг сендай қизим йўқ!!!» Онаси қанчалик отасига ялиниб-ёлвормасин, бизнинг юзимизга дарвозани ичкаридан ёпишди. Шунда менинг хаёлимга ярқ этиб бир фикр келди. «-Маъсума, юр бу ердан кетамиз, мен сенга уйланаман,»-дедим унга. Тўсатдан нега бундай қарорга келганлигимни тўғриси ҳозир ҳам тушунтириб беролмайман. Эҳтимол мен уни севган бўлсам керак, эҳтимол, Худо рахматли Эрйигит айтгандек, хотин қўйиб юборган мендек ношуд йигитга, бошқа қизлар ҳеч қачон тегмас, шунинг учун эҳтимол, мен Маъсумага жон-жон деб ўйланарман. Мен Янгийўлдан ана шундай ўй билан қайтиб келдим. Ҳеч кимнинг гап сўзларига қарамадим, на онамнинг, на укаларимнинг ва на қишлоқдаги миш-миш намаёндаларининг, ҳеч бирининг сўзига эътибор қилмадим. Ҳозир ҳам эътибор қилмайман, чунки, мен чинакам эр йигитнинг ишини қилдим,»-деди у аста-секинлик билан тиниб қолган ёмғирга боқаркан. «-Ё, сен мени нотўғри қилгансиз, деб ўйлайсанми?..» «-Сиз ўзингиз айтгандек, ҳақиқий эр кишини ишини қилгансиз,»-дедим мен. У менинг сўзимга эътибор бермай: «-Ёмғир ҳам тинди, энди кетамизми?»-деди. Биз кўприкни тагидан ташқарига чиқиб, ёмғирдан кейинги тоза ҳавони ютганча, қишлоққа қараб илдамлаб борарканмиз, ниҳоят айрилишимизда, мен ёлғиз қармоғимни тутганча, чизимчамдаги балиқларни атайин унга қолдириб хайрлашган куйи индамай кета бошладим. У орқамдан чизимчани кўтариб югуриб келди: «-Балиқларингни менга ташлаб кетаяпсан,»-деди у. Мен: «-Сизга қолсин,»-дедим. У: «-Йўқ, рахмат, Маъсума янгангизга яраша менда балиқлар бор,»-деди. «-Илтимос, улар сизда қолсин, ахир балиқлар саротонга учраган кишига яхши-ку?..»-дедим мен, унга нима деяримни билмай. «-Йўқ, менда етарли балиқ бор, агар керак бўлса, эртага яна тутаман,»-деди у. Мен унга қатъий равишда: «-Илтимос, сўзимни қайтарманг, мен ҳам бир марта эр йигит бўлай…» - дедим. У бу гал сўзимни қайтармади. Биз икки ёққа жимгина ажралишиб кетдик.